<a href="#"><b>JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!</b></a><p></p> <a href="#"><b>ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!</b></a><p></p> <a href="#"><b>JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!</b></a><p></p>
Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Deputatlar kengashi » Deputat va matbuot » Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

29-03-2017 18:59 Deputatlar kengashi » Deputat va matbuot  
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев олиб борди. 

Сенаторлар ишни "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Мамлакатимизнинг Асосий қонунига тузатишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига ҳамда 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ киритилмоқда. 

Муҳокама чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидалардан иборат бўлиб, уларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. 

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда. 

Қонунни муҳокама қилиш давомида сенаторлар томонидан қайд этилганидек, суд ҳокимиятининг олий органи иккита эканлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги, авваламбор, суд тизимини бошқариш функцияларининг такрорланишига сабаб бўлаётган эди, амалдаги тузилма ягона суд амалиётини, хизмат вазифаларининг оқилона тақсимланишини таъминлаб бермаётган эди. 

Мажлисда таъкидланганидек, қабул қилинган конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда суд тизимини янада чуқур ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш учун асос яратади. 

Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Сенаторлар қайд этганларидек, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шу жумладан, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг берган шикоятларини ва мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши инсонларнинг, юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади. 

Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. Бу Кенгаш аввал амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясини алмаштириши лозим. Мажлис давомида таъкидланганидек, мазкур комиссия зарур конституциявий мақомга, етарлича ваколатларга эга бўлмаган, бу эса амалдаги судьялар корпусини шакллантириш ишларининг самарадорлигига таъсир кўрсатган. 

Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 111-моддасининг янги таҳририда Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми аниқ мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда. Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланиши (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 80-моддасининг 4-банди), Судьялар олий кенгаши аъзолари қонунга мувофиқ давлат раҳбари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилмоқда. 

Конституция Судьялар олий кенгашига кенг ваколатлар беради. Конституция 93-моддаси биринчи қисми 14-бандининг янги таҳририга мувофиқ Президент Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади. 

Айни пайтда Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади. Шуни қайд этиш керакки, аввал судьяларнинг бу тоифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланар эди. 

Сенаторлар қайд этганларидек, Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ушбу ва бир қатор бошқа ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари судда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 
Шундан сўнг сенаторлар "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар таъкидлаганларидек, Судьялар олий кенгашининг тузилиши юқори малакали суд корпусини шакллантиришга, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Қонун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб беради. 

Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқлик ҳисобланади. 

Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши, Кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бу қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди. 

Қонунга мувофиқ Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан иборат йигирма бир нафар таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланади. Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва бир вақтнинг ўзида Кенгаш ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради. 

Бунда Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари орасидан тасдиқланади. Сенаторларнинг фикрича, бундай тартиб судьялар корпуси фаолиятини шакллантиришда, ташкил этишда судьялар, судьялар ҳамжамияти ролини оширади. Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Кенгашнинг 13 нафар аъзоси, шу жумладан, Кенгаш раиси, котиби ва ўн бир нафар аъзоси Кенгашда доимий асосда ишлайди. Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Қонунда Кенгаш аъзоларининг мақоми белгилаб берилмоқда, уларнинг ваколат муддати 5 йил этиб белгиланмоқда. 

Конституция қоидалари асосида ва уни янада ривожлантириб, қонунда Кенгаш ваколатлари белгиланмоқда. Юқорида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда Кенгаш судья кадрлар захирасини шакллантиради, судьялар лавозимларига номзодларни танлов асосида танлайди, турли даражалардаги судлар судьяларини тайинлаш, қайта тайинлаш, ваколатларини муддатидан илгари тугатиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этади. 

Кенгаш судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига илтимоснома киритиш, судьяларни интизомий, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ваколатига эга. Кенгашнинг муҳим вазифаларидан бири – суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига киритишдан иборат. 

Шунингдек, қонунда Кенгаш аъзолари мустақиллиги, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар "Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилди. 

Сенаторлар "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига киритилаётган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар янги тузилаётган маъмурий ва иқтисодий судлар фаолиятининг тегишли ҳуқуқий базасини яратишга қаратилганлигини таъкидладилар. 

Хусусан, Олий хўжалик суди ва Олий суднинг бирлаштирилиши, иқтисодий судлар ташкил этилиши, ҳарбий судларнинг мақоми қайта кўриб чиқилиши муносабати билан "Судлар тўғрисида”ги қонундан хўжалик судларининг фаолиятини тартибга солувчи нормалар чиқариб ташланмоқда, округ ҳарбий судлари ва ҳарбий ҳайъатлар тугатилмоқда. 

Олий суд тузилмасига маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар киритилмоқда, ҳарбий ҳайъат бекор қилинмоқда. 

Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар маъмурий судлар тасарруфидаги иш тоифаларини аниқ белгилаб бермоқда. Бу давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан шикоятлар ва аризалар билан боғлиқ. 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан "Судлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ Кенгаш зиммасига судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш функциялари юклатилмоқда. Шундай тартиб белгиланмоқдаки, унга кўра судья Судьялар олий кенгашининг хулосасисиз жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас. Кенгаш Раисига Олий суд Пленуми мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда. 

"Судлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ судьяларни сайлаш (тайинлаш), улар ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тартиби белгиланмоқда. 

Қонунда судья лавозимга биринчи марта беш йиллик муддатни, навбатдаги ўн йиллик муддатни ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврини белгилаш, умумий судьялик стажидан келиб чиққан ҳолда судьяларнинг ваколат муддатини ҳисоблаб чиқариш тартиби, судлар раисларини 5 йилга сайлаш (тайинлаш), айни бир судда ушбу лавозимни сурункасига икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. 

Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судларнинг судьялари учун 65 ёшни ташкил этади. Олий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши мамлакат Президенти томонидан, бошқа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Судьялар олий кенгаши томонидан беш йилгача узайтирилиши мумкин. 

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг нуфузини янада оширишга, чинакам мустақиллигини таъминлашга, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича судлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар "Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тайёрланди. 

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу қонун суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга ва эркинлаштиришга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган. 

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, "Судлар тўғрисида”ги ва "Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда қамоққа олиш тарзидаги жиноий жазони бекор қилиш назарда тутилмоқда, шу билан бир вақтда жиноий жазолар тизимига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури – "мажбурий жамоат ишлари” киритилмоқда. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек, дастлабки тергов муддатлари 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилмоқда. 

Бундан ташқари, ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ва мурдани эксгумация қилишга санкциялар бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга бериш назарда тутилмоқда. Шундай қилиб, суд иши юритувида "Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаси кенгайтирилмоқда, жиноят жараёнида суд назорати роли ва аҳамияти кучайтирилмоқда. Қонунга мувофиқ судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этишда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда суд томонидан қўшимча тергов ўтказиш учун жиноят ишини қайтариш институти бутунлай бекор қилинмоқда, суд текшируви жараёнида камчиликларни тўлдириш механизмлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Қонунда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда. 

Қонун билан вилоят даражасидаги жиноий ва фуқаролик ишларини судлар томонидан кўриб чиқиш институтини бекор қилишни, назорат тартибида протест келтириш бўйича судларнинг тегишли раислари ва прокурорлари ваколатларини истисно этишни назарда тутувчи тегишли тузатишлар киритилди. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Шундан сўнг сенаторлар "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. 

Қонун билан "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Сенаторлар ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар лицензияларни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қайта расмийлаштириш тартибини соддалаштиришга ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш соҳасини ҳуқуқий тартибга солишда ноаниқликларни бартараф этишга қаратилганлигини таъкидладилар. 

Масалан, тадбиркорлик фаолияти субъектларини рағбатлантириш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш учун қонунда лицензиатлар ва тадбиркорлик субъектлари – фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга ҳамда айни бир ҳаракатни ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларга эга юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда фақат битта лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларида ушбу масалаларнинг тартибга солинмаганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқий ноаниқлик келтириб чиқарар ва лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи органлар томонидан субъектив талқин қилинишига сабаб бўларди. 

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2016 йил 9 февралда қабул қилинган "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ "Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ қонун ҳужжатларига янги – "озиқ-овқат хавфсизлиги” тушунчаси киритилмоқда, бу соҳадаги ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланмоқда. 

Бундан ташқари, ушбу қонун билан Фуқаролик кодексига, "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, "Рақобат тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ "сохта маҳсулот” тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда, инсофсиз рақобат турларига аниқлик киритилмоқда, товар белгисидан фойдаланиш (фойдаланмаслик), товарни товар белгисига ўхшаш бўлган белгидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш орқали реализация қилиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни ва бу соҳадаги бошқа муносабатларни тартибга солишнинг самаралироқ механизмлари белгиланмоқда. 

Шунингдек, "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги, "Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Солиқ кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. 

Жумладан, киритилган ўзгартишларда чет эл инвестициялари иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига ўзлари давлат рўйхатидан ўтказилган санада амалда бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан беш йил ичида қўллаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда (бундан ресурс ва божхона божлари мустасно). Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда судларда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда. 

Шунингдек, қонунда солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳам назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Сенаторлар "Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартномани (Москва, 2016 йил 29 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги, "Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2016 йил 17 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда "Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институтини таъсис этиш тўғрисидаги битимни (Исломобод, 2016 йил 26 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар. 

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ҳисоботида қайд этилганидек, Омбудсманнинг 2016 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар риоя этаётганлигини назорат қилиш самарадорлигини оширишга қаратилди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга асосий эътибор қаратилди. 

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, "Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаларига ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига таклифлар киритилди. Омбудсман вакиллари Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институтини ташкил этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этдилар. 

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет давлатлар фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахсларнинг қарийб уч мингта мурожаати Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида кўриб чиқилди ҳамда ҳал этилди. 

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ҳал этиш бўйича Омбудсман ишларининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ва тавсиялар берилди. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитишга киришдилар. 

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2016 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида давлатимиз раҳбарининг маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот йилида назорат ишларининг йиллик дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Ўтган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати, Вазирлар Маҳкамаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорликда 25 та йўналиш бўйича 131 та объектда назорат тадбирлари ўтказилди. 

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.



Deputatlar Kengashi
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba
Ishonch telefonlari:792201019, 792230990

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko?chirilganda giper havola majburiy!