<a href="#"><b>JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!</b></a><p></p> <a href="#"><b>ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!</b></a><p></p> <a href="#"><b>JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!</b></a><p></p>
Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Normativ hujjatlar » Prezident Farmon va Qarorlari, VM Qarorlari » Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади. 

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикада яхлит ҳуқуқий тизим яратилган бўлиб, унда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллайди. 

Ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ички ишлар органларининг маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун ташкил этилган қуйи бўғинини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. 

Амалга оширилган чора-тадбирлар ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизда жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик имконини берди. 

Бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги ички ишлар органлари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўймоқда. 

Шу билан бирга, кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар ушбу вазифаларни самарали бажаришда тўсиқ бўлмоқда. Хусусан: 

биринчидан, республика, ўрта ва қуйи бўғиндаги бўлинмалар ўртасида асосий вазифа ва функциялар аниқ тақсимланмагани ҳар бир ходимнинг фаолияти устувор йўналишларини ва ишнинг пировард натижаси учун шахсий жавобгарлигини белгилашни қийинлаштирмоқда; 

иккинчидан, амалдаги ташкилий-штат тузилмалари куч ва воситалардан оқилона фойдаланишни таъминламаяпти, оқибатда марказий ва ўрта бўғиннинг баъзи хизматларида етарли иш ҳажми бўлмай туриб, керагидан ҳам ортиқча штат бирликлари сақланиб турган бир пайтда, қуйи бўлинмалар зиммасига ҳаддан зиёд хизмат вазифалари юкланишига олиб келмоқда; 

учинчидан, ички ишлар органлари мансабдор шахслари, шу жумладан профилактика инспекторларининг аҳоли билан мулоқоти йўлга қўйилмаган, фуқаролар билан муомала маданияти пастлигича қолмоқда, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик таъминланмаяпти; 

тўртинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзаки кўриб чиқилмоқда, уларда кўтарилаётган масалалар ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинмаяпти, мурожаатларга расмиятчилик учунгина жавоб берилаётгани фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда, уларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва бошқа ташкилотларга шикоят билан мурожаат этишга мажбур қилмоқда; 

бешинчидан, ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг аҳоли олдида ҳисобот бериб боришининг таъсирчан тизими, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмлари жорий этилмаган, бу эса ходимларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариши учун масъулиятини ошириш имконини бермаяпти; 

олтинчидан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича ишлар асосан, содир этилган ғайриқонуний қилмишларнинг оқибатларига қарши курашишдан иборат бўлиб қолмоқда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли ва самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти; 

еттинчидан, ўсиб келаётган авлодни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишга, ёшлар жиноий фаолиятга, авваламбор, терроризм ва диний экстремизмга жалб этилишининг олдини олишга етарлича эътибор қаратилмаяпти, ички ишлар органларининг тарбиявий ўрни сезилмаяпти; 

саккизинчидан, ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими ҳозирги талабларга жавоб бермайди, порахўрлик ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди; 

тўққизинчидан, энг янги ахборот-коммуникация технологияларини тизимга жорий этиш, ички ишлар органларини замонавий воситалар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш даражаси қониқарсизлигича қолмоқда. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида: 

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин: 

биринчидан, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан "Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш; 

иккинчидан, замонавий хавф-хатар ва таҳдидларни, бажарилаётган ишлар муҳимлиги ва кўламини эътиборга олган ҳолда ички ишлар органлари барча даражадаги бўлинмаларининг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, ташкилий-штат тузилмасини мақбуллаштириш, куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш; 

учинчидан, халқ билан аниқ мақсадни кўзлаб ўтказиладиган тизимли мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш, аҳолининг энг муҳим муаммолари ҳал этилишига ҳар томонлама кўмаклашиш; 

тўртинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этишнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги тартибини ўрнатиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишга юзаки ва расмиятчилик билан ёндашувларга чек қўйиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ваколат доирасида барча воситаларни ишга солиш; 

бешинчидан, ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг аҳоли олдида мунтазам ҳисобот бериб бориши тизимини, қилинган ишларга баҳо беришнинг аниқ мезонларини, шунингдек уларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш; 

олтинчидан, аввало, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга ҳурмат, қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик туйғусини сингдириш йўли билан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва олди олинишини таъминлаш; 

еттинчидан, вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимни ривожлантириш; 

саккизинчидан, ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда янада такомиллаштириш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш; 

тўққизинчидан, ички ишлар органлари барча бўлинмаларининг фаолияти янада самарали бўлишини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

ўнинчидан, ички ишлар органлари фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш, ходимларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларни хизмат турар жойлари билан таъминлаш. 

2. 2017 йил 1 октябрдан қуйидаги тартиб ўрнатилсин: 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади; 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилади; 

халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ҳар чоракда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг ҳисоботлари ҳамда ҳар ойда уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилади. 

Ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилаётганда улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва ишлар натижаси танқидий муҳокама қилиниши, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилиши, шунингдек эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилиниши белгилаб қўйилсин. 

3. Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси негизида – Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси; 

Эксперт-криминалистика маркази ва Эксперт-портлатиш техникаси маркази негизида – Эксперт-криминалистика бош маркази; 

Молия-иқтисодиёт бошқармаси, Моддий-техника таъминоти бошқармаси, Хўжалик бошқармаси, Капитал қурилиш бошқармаси негизида – Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси; 

Ташкилий-инспекторлик бошқармасининг Халқаро ҳамкорлик бўлими ҳамда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик бўлими негизида – Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилсин. 

4. Қуйидагилар: 

Тергов бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига; 

Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати Кадрлар бош бошқармасига; 

Ташкилий-инспекторлик бошқармаси Ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлил бош бошқармасига; 

Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига; 

Шахсий таркиб бўйича махсус инспекция Ўз хавфсизлиги бошқармасига; 

Котибият Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармасига; 

Алоқа бўлими Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармасига; 

Транспортдаги ички ишлар бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармасига, тармоқ ички ишлар бошқармалари (бўлимлари, бўлинмалари) транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимларига; 

Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ҳарбий-техника институтига; 

Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби Ёнғин хавфсизлиги институтига; 

сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларига ўзгартирилсин. 

5. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозими жорий этилсин ва у профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлиши белгилансин. 

6. Қуйидаги устувор йўналишлар назарда тутилган Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин: 

ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, вазифа ва функцияларини мақбуллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар; 

ички ишлар органларининг фаолиятини очиқ ва ошкора, шунингдек фуқароларнинг уларга ишончи ошишини таъминлайдиган тарзда ташкил этиш; 

кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйишнинг илғор механизмларини жорий этиш, уларнинг малакаси, маънавий-ахлоқий фазилатларини ошириш орқали кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш; 

ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш; 

ички ишлар органларининг моддий-техника базаси, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уй-жой-маиший шароитларини янада яхшилаш. 

Дастурда назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин. 

7. Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар Дастурини амалга ошириш бўйича Махсус комиссия 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Махсус комиссия (А.А.Азизов): 

вазирлик ва идоралар мутахассислари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг етакчи олимлари, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини жалб қилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳларини тузсин ва уларнинг самарали иш олиб боришини ташкил этсин; 

қонун ҳужжатлари, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур танқидий таҳлил қилинишини ва илғор хорижий тажриба ўрганилишини, шу асосда Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишини таъминласин; 

Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари изчил ва сифатли тайёрланиши, ўз вақтида кўриб чиқилиши ва белгиланган тартибда киритилишини, шунингдек бошқа тадбирлар амалга оширилишини доимий назорат қилсин. 

8. 2025 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва Дастур тадбирларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, техника, алоқа тизими ва воситалари, дастурий таъминот маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техник восита ва ресурслар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштирувлари учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги: 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда бир ҳафта муддатда ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ички ишлар органларининг янги ташкил этилаётган бўлинмаларини жойлаштириш, жиҳозлаш ва улар фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш учун бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин. 
Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.



Mashhur maqolalar
    Fotosuratlar
    barchasini ko?rish
    Ish tartibi

    Ish vaqti: 08.30-18.00s
    Dam olish: Shanba, Yakshanba
    Ishonch telefonlari:792201019, 792230990

    murojaat tartibi
    Интерактив хизматлар хакида эшитганмисиз ва улардан фойдаланганмисиз?

    Ха, фойдаланганман
    Йук, улар хакида эшитмаганман
    Нима у?
    Ушбу хизматларни хаётга кенгрок татбик этишса
    Интернетдан фойдаланмайман

    Veb-sayt bo`yicha mas`ul

    Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
    Tel: 0436-223-6250
    E-mail: navoi@nv.uz

    murojaat tartibi
    © 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko?chirilganda giper havola majburiy!